Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху агар Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчилари Ғазо секторидан чиқиб кетса Ғазодаги урушни тўхтатишга тайёр, деб ёзади Axios нашри.
Унинг сўзларига кўра, Нетаняху Вашингтонга ташрифи чоғида ҲАМАС ҳокимиятдан воз кечиши ва унинг етакчилари секторни тарк этиши эвазига Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини тақдим этган.
Порталнинг америкалик манбаларига кўра, Нетаняху кўпроқ гаровга олинганларни озод қилиш учун ҲАМАС билан келишувнинг биринчи босқичини узайтирмоқчи. Бунинг эвазига Исроил янада кўпроқ фаластинлик маҳбусларни озод қилишга тайёр.
Нашр суҳбатдошларига кўра, агар бу амалга ошса, битимнинг иккинчи босқичи бўйича музокаралар чоғида Нетаняху ҲАМАСга Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш ва Исроил келишувнинг биринчи босқичида озод қилишга рози бўлмаган "юқори мартабали" фаластинлик маҳбусларни озод қилишни таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Бунинг эвазига Исроил бош вазири ҲАМАСдан гаровга олинганларни озод қилишни, Ғазо секторидаги ҳокимиятдан воз кечишни ва унинг етакчилари, жумладан, қамоқдан озод қилинадиганлар ҳам сургунга кетишини талаб қилади, дейилади манбаларда.
"Нетаняху ва Исроил раҳбарияти ҲАМАСнинг юқори раҳбариятига учинчи давлатга сургунга боришга рухсат беришни ўз ичига олган режа ишлаб чиқди," - деди улардан бири.
Шу билан бирга, Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари ҲАМАС аллақачон Ғазо устидан фуқаролик назоратидан воз кечишга ва Фаластин миллий маъмуриятини тиклаш жараёни учун масъулиятни мустақил қўмитага топширишга рози бўлганини даъво қилмоқда.
Шу билан бирга, нашр суҳбатдошларидан бирининг фикрича, анклавдаги ҲАМАС етакчиларининг сургунга кетишга рози бўлиш эҳтимоли "жуда паст."
Унинг қайд этишича, бу гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг бузилишига ва умуман урушнинг қайта бошланишига олиб келиши мумкин.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ 19 январь куни кучга кирди. Битим уч босқични кўзда тутади. Биринчисида гуруҳ Исроил қамоқхоналаридаги 1,5 минг фаластинлик маҳбус эвазига 33 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиши керак. Шартлари ҳали аниқлаштирилиши лозим бўлган иккинчи ва учинчи босқичларда асирлар алмашинуви давом этади. Учинчи босқичда, шунингдек, қуролли тўқнашувлар пайтида вайрон бўлган Ғазо сектори инфратузилмасини тиклаш бошланиши керак.