Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Равшан Усманов Исландия президенти Халла Томасдоттирга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Мулоқот чоғида Исландия президенти Халла Томасдоттир икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон элчисининг ушбу мамлакатга тайинланиши, ҳеч шубҳасиз, охирги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг натижаси эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Исландия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида алоқаларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Исландия етакчиси энергетика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, балиқчилик, туризм ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлишини таъкидлади.
Учрашув якунида Исландия президенти Халла Томасдоттир Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига фаровонлик ҳамда бардавом тараққиёт, Ўзбекистон элчисининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтириш йўлидаги ишларига эса муваффақиятлар тилади.
Элчи Равшан Усманов 2024 йил 16 май куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III га ишонч ёрлиқларини топширган эди.